Жиззах шаҳридаги Президент мактаби Халқаро мактаблар кенгаши (CIS) аъзолигига қабул қилинди. Аввалроқ, Тошкент, Нукус, Хива, Наманган, Фарғона, Андижон, Нурафшон ва Бухоро шаҳарларидаги Президент мактаблари ушбу нуфузли ташкилот сафидан жой олган эди.
Халқаро мактаблар кенгаши (CIS) дунё бўйича илғор мактабларни бирлаштирувчи нуфузли ташкилот ҳисобланади. Аъзолик таълим муассасасининг халқаро миқёсда тан олинганини билдиради, ўқувчиларга чет элдаги нуфузли университетларда тўлиқ грант асосида таълим олиш имкониятини кенгайтиради ҳамда хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга замин яратади.
CIS аъзолигига қабул қилиш жараёнида мактабларнинг фаолияти чуқур ўрганилади. Хусусан, таълим дастурларининг жорий этилиши ва дарс жараёнларининг сифати, бошқарув ва маъмурият фаолияти, ўқувчиларнинг фаровонлиги ва хавфсизлик талаблари, педагогларнинг малакаси, ўқувчилар лойиҳалари ва инновацион ташаббуслари ҳамда халқаро стандартларга мос баҳолаш тизими кенг қамровли тарзда баҳоланади. Ишчи гуруҳ ушбу жиҳатларни синчиклаб кўриб чиқади, педагоглар, ўқувчилар ва ота-оналар билан суҳбатлар ташкил этади.
CIS низомига кўра, ташкил этилганига камида уч йил тўлган мактаблар аъзолик аризасини топшириш ҳуқуқига эга. Шу боис 2019 йилда фаолият бошлаган Президент мактаблари аллақачон ушбу аъзоликни қўлга киритган бўлса, 2021 йилда очилган 10 та Президент мактаби ҳозирда ушбу жараёндан босқичма-босқич ўтмоқда.
Аввалроқ, Бухоро Президент мактаби CИС аъзолари сафига қўшилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
