Мактабгача таълим ташкилотларида санитария қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъулларга нисбатан 5671 та ҳолатда маъмурий чоралар қўлланилиб, 236 та муассасаларининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда Санэпидқўмита ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмаганлиги сабабли 1095 нафар ишчи-ходим ишдан вақтинча четлаштирилган. 9 ярим тоннадан ортиқ миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари бракераж қилинган.
2025 йилнинг ўтган 10 ойида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан 5448 та мактабгача таълим ташкилотларида режали текширишлар ўтказилган.
Текширишларда мактабгача таълим ташкилотларидан жами бўлиб, кимёвий таҳлиллар учун 134 минг 185 та намуналар олинган, шулардан 4,8% талабга жавоб бермаган бўлса, бактериологик таҳлиллар учун олинган 130 минг 330 та намуналардан 10,5% СанҚваН талабларига жавоб бермаган.
Шунингдек, гуруҳларда хона ҳароратини (микроиқлим кўрсаткичлари) 32773 та текширилган, 4424 тасида ҳарорат талаб даражасида эмаслиги, ёруғлик кўрсаткичлари 55770 та нуқтада ўлчанган, 6809 тасида ёритилганлик пастлиги маълум бўлган.
Тарбияланувчилар овқатланишини тўғри ва хавфсиз ташкил этилганлиги устидан назоратни амалга ошириш чоғида микробиологик кўрсаткичларга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларидан 14029 та намуна олинган, 706 та талабга жавоб бермаган, ичимлик сувидан 8192 та намунадан 489 та талабга жавоб бермаган.
Кимёвий таҳлиллар учун овқат тўйимлилиги 6696 та намуналар текширилганида 1538 та намунада овқат тўйимлилиги пастлиги, сабзавотларда нитрат қолдиқларини текшириш учун 16891 та намуна текширилганида 324 та намунада нитрат қолдиқлари аниқланган.
