Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон ва Германиянинг университетлари ва илмий ташкилотлари иштирокида олий таълим ва фан соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган форум бўлиб ўтди. Тадбирда қарийб 200 нафар раҳбар иштирок этган.
Очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Германиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов ҳамда Германия Федерал Таълим ва Илмий Тадқиқотлар Вазирлиги (BMBF) халқаро ҳамкорлик бўлими раҳбари ўринбосари Сандра Ленеке сўзга чиқиб, икки давлат ўртасида шаклланиб бораётган ишончли алоқалар ҳамда илм-фан, таълим ва инновациялар йўналишидаги истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берган.
Форум доирасида «Таълим ва академик ҳамкорлик» ҳамда «Тадқиқотлар ва инновациялар» номли панель сессияларда қўшма таълим дастурларини ривожлантириш, ўзбекистонлик талабаларнинг Германияда амалиёт ва стажировка ўташ имкониятларини кенгайтириш, стратегик йўналишларда қўшма илмий марказлар ташкил этиш, шунингдек, замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва Германия ректорлари форуми икки давлат таълим тизимлари ўртасида узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорликни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлаган.
