Ўқитувчиликдаги муваффақиятни кўп йиллар давомида нотўғри талқин қилиб келишган: гўёки яхши ўқитувчи – синфни жим тутадиган, барча болаларни тартибда ушлаб тура оладиган педагог.
Аслида эса бу фақат ташқи назорат. Ҳақиқий педагогик маҳорат боланинг ички назоратини, яъни ўзини-ўзи бошқариш қобилиятини шакллантира олишдир.
Қийинчилик – табиий ўсиш
Ўрганиш жараёнида қийинчилик – душман эмас, балки ривожланишнинг шарти. Бироқ кўп болалар қийинчиликнинг биринчи босқичида зерикишни ҳис қилишади, чунки улар сабр қилишни, интизом билан давом эттиришни, ишни охирига етказишга ўргатилмаган бўлишади.
Шунинг учун, боланинг ўрнига катталар унинг вазифаларини бажариб қўймаслиги жуда муҳим.
Болада ички бошқарувни шакллантириш
Замонавий педагогикада ўқитувчининг энг катта маҳорати — синфни бошқариш эмас. Чунки синфни 45 дақиқа жим ушлаш вақтинчалик кўрсаткич.
Ҳақиқий натижа болада «ўзини бошқариш компетенцияси»ни шакллантиришдир:
– ҳис-туйғуларни бошқариш;
– вазифани режалаштириш;
– ўзини назорат қилиш;
– вақтни бошқариш;
– хатосини тан олиш;
– мустақил ечим топиш.
Бу компетенциялар болани умр бўйи қўллаб-қувватлайдиган таянчдир. Ўқувчининг ўзини-ўзи бошқариши учун биринчи ва энг зарур шарт катталарнинг ортиқча аралашмаслиги.
Яъни ўқитувчи:
– жараённи бошқаради, лекин ишни болага қолдиради;
– йўл кўрсатади, лекин ўрнига бажармайди;
– ёрдам беради, лекин мустақилликни олиб қўймайди.
Болага мустақиллик бериш – педагогнинг энг катта донолиги.
Амалий методлар:
«3 дақиқа кузатиш» усули – бола ёрдам сўраганда дарров аралашманг. Уни 3 дақиқа кузатинг. Кўпинча у ўзи ҳал қилади.
«Ярим ёрдам» қоидаси – агар ёрдам керак бўлса, ечимнинг 50 фоизини болага қолдиринг. Фақат йўл кўрсатинг.
«Савол орқали раҳбарлик» – буйруқ эмас, савол беринг:
– «Бу масалада биринчи қадам нима бўлиши мумкин?»
– «Нима деб ўйлайсан, қай тарафдан бошлаш мумкин?»
Савол фикрлашни ишга солади.
«Очиқ танловлар» бериш
Кичик танлов ҳам мустақилликни кучайтиради:
«Биринчи бу топшириқни қиласанми ёки иккинчисиними?»
«Қайси ранг билан ёзишни истайсан?»
«Хато – ўрганишнинг бир қисми» тамойили
Хатодан қўрқадиган боланинг мустақиллиги ҳеч қачон ривожланмайди.
Ўқитувчиликдаги ҳақиқий муваффақият:
– синфни жим ушлашда эмас;
– болаларни бошқаришда эмас;
– болага ўзини бошқаришни ўргатишда;
– ички мотивациясини уйғотишда;
– мустақиллигини қўллаб-қувватлашда;
– қийинчиликларни енгишга ўргатишда.
Бу кўникмалар болага нафақат мактабда, балки бутун умри давомида ёрдам беради.
