Ўзбекистон ва ОТБ 100 млн долларлик SТEМ лойиҳаси бўйича келишув имзолади

Ўзбекистон ва ОТБ 100 млн долларлик SТEМ лойиҳаси бўйича келишув имзолади

Жорий йил 17 ноябрь куни Осиё тараққиёт банки билан Ўзбекистон мактабларида SТEМ-таълимни модернизация қилишга қаратилган «Ўрта таълимда SТEМ» лойиҳаси учун 100 млн долларлик кредит келишуви имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

 

Таъкидланишича, 17 ноябрь куни Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Осиё тараққиёт банки Президенти Масато Канда билан учрашган. Учрашувда ИССВ вазирининг ўринбосари Акрам Алиев ҳам иштирок этган.

 

Томонлар Ўзбекистон — ОТБ самарали муносабатларининг 30 йиллигини қайд этиб, ҳамкорлик натижалари ва келгусидаги йўналишларни муҳокама қилган.

 

2026 йил май ойида Самарқандда ўтадиган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59 йиллик йиғилишига тайёргарлик муҳокама қилинган. Ушбу жараёнини мувофиқлаштириш учун қўшма йўл харитасини тасдиқлаш таклиф этилган.

 

Шунингдек, молиялаштириш механизмларини кенгайтириш, иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш, аёллар ва ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлаш, экспортга йўналтирилган корхоналарни рағбатлантириш каби ўрта муддатли ташаббуслар кўриб чиқилган. Томонлар 2026–2030 йиллар учун янги Ҳамкорлик дастури бўйича ҳам фикр алмашган.

 

Учрашув сўнггида мактабларда SТEМ-таълимни модернизация қилишга қаратилган «Ўрта таълимда SТEМ» лойиҳаси учун 100 млн долларлик кредит келишуви имзоланган.