Ижтимоий тармоқларда «Фурқат туманидаги 29-мактабда 2 нафар ўқувчи қиз доридан заҳарланди» мазмунида хабар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Фурқат туманидаги 29-мактабнинг 9-синф ўқувчилари М.М. ва З.Т. жорий йилнинг 12 ноябрь куни мактабда 5-соат жисмоний тарбия дарсида ўзларини ёмон ҳис қилаётганини ўқитувчига билдирган.
«Улардан сабаб сўралганда, танаффус пайтида салқин ичимлик ичгани ва пахлава истеъмол қилганини айтишган. Ўқитувчилар уларни қишлоқ врачлик пунктига олиб боришган ва шифокорлар томонидан тез ёрдам машинасида туман марказий шифохонасига юборилган.
Соҳа мутахассислари томонидан беморларга зарур тиббий ёрдам ва муолажалар кўрсатилган. Ҳозирда ўқувчи қизларнинг соғлиғи яхши, шифокорлар назоратида.
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида суриштирув ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
