Тиббиёт университети талабаларига стипендия бериламаётгани ҳолати юзасидан расмий муносабат билдирилди

Тиббиёт университети талабаларига стипендия бериламаётгани ҳолати юзасидан расмий муносабат билдирилди

Тошкент давлат тиббиёт университетининг (собиқ Тошкент давлат стоматология институтининг) 2-курс клиник ординатура (резидентура) босқичида таҳсил олаётган 19 нафар талаба 3 ойдан бери стипендия ололмаётганлиги ҳақида талабалардан мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Qalampir.uz нашри хабар берди.

 

Хабарга кўра, талабалар 2024-йилнинг 14-сентябрида ўқишга қабул қилинган. Шунга қарамай, ректор томонидан стипендияни 2-октябрдан бошлаб белгилаш буйруғи чиқарилган, аммо талабалар шунда ҳам ўтган йилнинг ноябр ойида стипендия олган.

 

«Бошқа марказларда таҳсил олаётганлар сентябр ойидан бошлаб стипендия олган. Бизга эса ўтган йили ноябр ойида тўланган, шунда ҳам октябр ойининг ярмидан ҳисоблаб берилган эди. Бу йил ҳам асоссиз равишда кечиктирилмоқда. Ҳозиргача сентябр, октябр, ноябр ойлари учун стипендиямизни олганимиз йўқ. Қолаверса, ўтган йилнинг 1,5 ойлик стипендияси ҳам берилмади. Буйруқ бўйича ўтган йилдан ярим ойлик стипендия тўланмаган, лекин аслида сентябр ойи учун ҳам тўланиши керак эди. Шу тариқа, институт ҳар биримиздан қарийб 14 миллион сўм атрофида қарздир. Бу сумма 19 киши учун 266 миллион сўмга тўғри келади», — деган 2-курс ординаторларидан бири.

 

Талабанинг айтишича, улар бу масалада деканат ва бухгалтерия бўлими билан бир неча бор боғланган, бироқ муаммо ҳал этилмаган.

 

«Бухгалтериядан “тушади, тушади”, деган важлар эшитамиз. Охирги берилган муддат 10 ноябр эди, лекин мана вақт ўтди — ҳали ҳам стипендия йўқ. Айтишларича, тушган тақдирда ҳам фақат 2025-йил учун 3 ойлик стипендия тўланар эмиш, ўтган йилги қарз эса ёпилмайди», — дея норозилик билдирган талаба.

 

Уларнинг айтишича, айни пайтда 1-курс ординаторларга аллақачон стипендиялари тўланган.

 

Ҳолат юзасидан Тошкент давлат тиббиёт университети муносабат билдирди.

 

Унга кўра, собиқ Тошкент давлат стоматология институти 2-курс клиник ординатура (резидентура) босқичида таҳсил олаётган 19 нафар талабалар ўтган 2024-йилнинг сентябр ва октябр ойлари учун стипендия олмаган. Ушбу талабаларга стипендия тайинлаш ва тўловларини амалга ошириш собиқ Тошкент давлат стоматология институти томонидан амалга оширилиши керак бўлган.

 

Олиб борилган ўрганишлар натижасида 2024-йил сентябр, октябр ойлари учун 19 нафар клиник ординаторларга стипендия тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди. Лекин, ҳозирги кунда ушбу масала юзасидан қонунчиликда ўрнатилган тартибга кўра талабаларга стипендияни тўлаб бериш чоралари кўрилмоқда, — дейилади хабарда.

 

Университет масъулларининг ёзишича, ҳозирги ҳолатда клиник ординатуранинг ўқув жараёнлари натижаларига кўра, кўпчилик 1-курс клиник ординаторлари йиллик аттестациясидан ўта олмагани сабабли, уларга бир неча маротаба қайта топширишга имконият берилган. Улар йиллик аттестациясидан ўтиши учун сўнгги маротаба 2025-йил 8-ноябр куни имтиҳон топширган.

 

Бугунги кунда, аттестациядан муваффақиятли ўтган ва қарздорликни бартараф этган клиник ординаторларни навбатдаги курсга (1-курстан 2-курсга) ўтказиш ҳамда уларга стипендия тайинлаш тўғрисидаги буйруқлар расмийлаштирилди ва ўрнатилган тартибда стипендия тўловлари тўлиқ амалга оширилади.

 

Шунингдек, клиник ординатура тўғрисидаги низомга мувофиқ, академик қарздорлиги мавжуд бўлган клиник ординаторларга стипендия тўловлари амалга оширилмайди.

 

Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2009-йил 18-декабрдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Клиник ординатура тўғрисидаги низомнинг 40-бандига мувофиқ, жорий ўқув йилидаги ўқитиш дастури тугаллангандан кейин, аттестация натижаларига мувофиқ, билимлар ва кўникмаларнинг рейтинг назоратини ҳисобга олган ҳолда, аттестация комиссияси томонидан клиник ординаторларни навбатдаги курсга ўтказиш, ўқишдан четлатиш ёки клиник ординатурани тугатганлик тўғрисида қарор қабул қилиниши белгиланган.