Ижтимоий тармоқларда кимё фани ўқитувчилари томонидан Миллий сертификат имтиҳони бўйича адолатли текширув ўтказилишини сўраб Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига мурожаати тарқалди.
Унга кўра, 2025 йил 4 октябрь куни бўлиб ўтган кимё фанидан Миллий сертификат имтиҳони натижалари эълон қилингач, натижалар Республика бўйлаб фаолият юритувчи кўплаб кимё ўқитувчилари ва репетиторлар орасида кескин хавотир уйғотган.
Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган айрим талабгорларнинг натижалари аномалликлар билан ажралиб туради. Жумладан, тест қисмидан жуда юқори (90 балл атрофида) натижа қайд этилган бўлсада, ёзма иш қисмидан анча паст (40-50 балл) кўрсаткич кузатилган.
«Амалий тажриба шуни кўрсатадики, тест бўлимидан 90 балл атрофида натижа олган талабгор, одатда, ёзма ишда ҳам юқори натижа қайд этади. Ушбу тафовут эса ўқитувчилар жамоаси орасида имтиҳон саволлари олдиндан тарқалган ёки ноқонуний тарзда сотилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги шубҳаларни кучайтирмоқда.
Бундан ташқари, 2025 йил 5-октабр куни Наманган вилоятида математика фанидан ўтказилган Миллий сертификат имтиҳони натижалари бекор қилингани, яъни тест натижалари нормал статистик тақсимотдан кескин фарқ қилгани сабабли бекор этилгани ҳақидаги расмий эълон ҳам кимё фанидаги мазкур шубҳаларнинг асоссиз эмаслигидан далолат бериши мумкин.
Шу сабабли биз – Ўзбекистон бўйлаб фаолият юритувчи кимё фани ўқитувчилари жамоаси – Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигидан қуйидагиларни талаб қиламиз:
1️⃣ 2025 йил 4-октабр куни ўтказилган кимё фанидан Миллий сертификат имтиҳони саволларининг махфийлиги, сақланиши ва тарқатилиш жараёни юзасидан хизмат текширувини ўтказиш.
2️⃣ Тест ва ёзма иш баллари ўртасида кескин тафовут кузатилган натижаларни танлаб қайта таҳлил қилиш.
3️⃣ Агар саволлар олдиндан тарқалган ёки ноқонуний тарзда фойдаланилганлик ҳолатлари аниқланса, айбдор шахсларни қонуний жавобгарликка тортиш ҳамда бу ҳақда жамоатчиликни расмий равишда хабардор қилиш.
Бизнинг мақсадимиз – айблов қўйиш эмас, балки Миллий сертификат тизимининг шаъни, адолати ва ишончлилигини сақлашдир.
Ўқитувчилар жамоаси сифатида биз бу тизимда фақат билим, ҳалоллик ва холислик устувор бўлишини истаймиз.
Ҳурмат билан, Ўзбекистон Республикаси кимё фани ўқитувчилари ташаббус гуруҳи
Булар жудаям шубҳали ва ақлга сиғмас натижалар.
Тест қисмидан 90+ олиш учун камида эксперт даражасида бўлиш керак, лекин шунчалик билган инсон ёзма иш қисмидан ҳеч қачон 60 баллдан кам олмайди, аммо булар эса 40-45 олган
Тест қисмидан 50баллдан юқори олган кўпчилик ёзма иш қисмидан 50+ олади.
Аммо бу натижалар эса тестдан 90 балл олиб ёзмадан 40+ олиш аламли кулгули.
Бу очиқдан-очиқ тестни тарқалганидан далолат.
Бу ўқувчилар асосан Тошкентдагж Х марказнинг ўқувчилари, уларнинг барчасида шу ҳолат. Марказ раҳбари билан текшириш ва очиқлаш учун шу ўқувчиларингизга битта хонада видео ёқиб ҳаммага очиқлаб тест ишлатиб кўрайлик ўзларига ишонишса қочишмайди десак, улар қарши чиқди.
Шу шубҳали ўқувчилардан 5-6 таси танлаб ўртача даражадаги тест билан бир хонада камерада ҳаммани гувоҳлигида бир ишлаб кўрсинчи, барчаси ошкор бўлиб кетади.
Ҳозир ҳам шу марказда сичқонни ини минг танга бўлиб қолди», — дейилади мурожаатда.
Ҳозирча бу юзасидан расмий муносабат берилмади. Ta’lim xabarlari нашри мутасаддилар томонидан бериладиган муносабатларга очиқ.



