Ўқитувчилар ҳафтасига неча соат ишлашлари мумкин?

Ўқитувчилар ҳафтасига неча соат ишлашлари мумкин?

Савол: Ассалому алайкум, касб-ҳунар техникумида ўқитувчилар учун иш вақти неча соат?

 

Меҳнат кодексининг 184-моддасига мувофиқ иши юқори даражадаги руҳий, ақлий ва асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган, яъни алоҳида хусусиятга эга бўлган тиббиёт ходимлари, педагоглар ва бошқа тоифадаги ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига кўпи билан 36 соат қилиб белгиланади.

 

Шунга кўра барча педагог ходимлар учун ҳафталик иш соати 36 соатдан ошмайди, бунда қонун чиқарувчи 1 ставка учун мазкур меъёрни белгилайди.

 

Кодекснинг 181-моддасига асосан, хоодим ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт иш вақтидир.

 

Иш вақтига қуйидагилар киради:

 

— ходим меҳнат мажбуриятларини ҳақиқатда бажарган вақт;

 

— ушбу Кодексда назарда тутилган вақт даврлари (ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт, технология ҳамда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган танаффуслар, болани овқатлантириш учун танаффуслар ва бошқалар), шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа вақт даврлари, шу жумладан асосий ва тайёргарлик-якуний ишларни бажариш вақти (кийим, материаллар, асбоб-ускуналар олиш, техника, ҳужжатлар билан танишиш, иш ўрнини тайёрлаш ва тозалаш, тайёр маҳсулотни топшириш ва бошқалар).