Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Алфраганус университетида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан Узлуксиз таълим тизимида STEAM ғоялар фестивали ташкил этилди.
«Ғоядан — инновацияга» шиори остида ташкил этилган тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Алфраганус университети, шунингдек Тошкент ахборот технологиялари университети, Чирчиқ давлат педагогика университети, Турин политехника университети, ЮНИСEФ, Ҳиндистон элчихонаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Фестивалнинг асосий мақсади – узлуксиз таълим тизимида яратувчан, инновацион ва креатив тафаккурни ривожлантириш, СТEАМ ёндашувини самарали жорий этиш ҳамда ёшларнинг илмий ва амалий салоҳиятини рўёбга чиқаришдир.
Фестиваль бир неча трекларда ташкил этилди, жумладан, таълим иштирокчиларини қўллаб-қувватлашда «Ягона рақамли таълим ресурслари ва хизматлари портали», STEAM машғулотларини ўтказишда рақамли ресурслардан фойдаланиш, Таълим иштирокчилари учун интерфаол курсларни ташкил этиш, «Кичик олимлар лабораторияси» амалий тўгарагини ташкил этиш методикаси, АРТ: таълим олувчиларда когнитив қобилиятларни кашф этиш ва ривожлантириш.
Фестивалда, шунингдек, ресурслар ва моделлар тақдимоти ҳам ўтказилиб, олийгоҳлар ва методистлар томонидан ишлаб чиқилган платформалар, VR/AR воситалари, интерфаол методик ечимлар таништирилди.
Тадбир якунида қуйидаги номинациялар бўйича энг илғор ғоя муаллифларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди:
– Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети – STEAM Инноватор – 2025;
– Энг яхши илмий-тадқиқот лойиҳаси – Тошкент шаҳридаги Президент мактаби;
– Энг яхши стартап – «Сеҳриё» хусусий мактаби;
– Энг яхши методик ресурс – Юнусобод туманидаги Республика «Келажак» маркази;
– Меҳрли мактаб – Future Skills Champions (Келажак кўникмалари чемпиони).



