Нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралаш биринчи гуруҳ фанлардан уч босқичда ўтказилади.
Саралашнинг барча босқичларида иштирокчиларга синфидан қатъи назар, ҳар бир фан йўналишида бир хил назорат материаллари тақдим этилади ва натижалар ҳам синфларга ажратилмаган ҳолда эълон қилинади.
Саралашнинг биринчи босқичига қуйидаги тоифадаги ўқувчилар жалб қилинади:
— тегишли ўқув йилида ўтказилган асосий олимпиадаларнинг учинчи (вилоят) босқичида фанлар бўйича синфлар кесимида, баллар кетма-кетлигида 1 — 5-ўринларни эгаллаган 9 — 11-синф ва академик лицей ҳамда касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари;
— минтақавий халқаро олимпиадаларда ўтган ва жорий ўқув йили давомида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар;
— Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан тавсия қилинган ўқувчилар (ҳар бир фандан 5 нафаргача);
— ўтган ўқув йилида нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этган, ҳозирда умумтаълим мактабларида, академик лицей ва касб-ҳунар мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар.
Саралашнинг биринчи босқичи Вазирлик томонидан ноябрь ойида ташкил қилинади ва иккинчи босқичга Республика миқёсида ҳар бир фан бўйича энг юқори балларни қўлга киритган дастлабки 25 нафар иштирокчилар саралаб олинади.
Саралашнинг иккинчи босқичи доирасида ўтказилган синовлар натижалари бўйича баллар кетма-кетлигида энг юқори натижага эришган:
— биология фанидан — 12 нафар;
— кимё фанидан — 12 нафар;
— информатика ва ахборот технологиялари фанидан — 12 нафар;
— физика фанидан — 15 нафар;
— математика фанидан — 18 нафар ўқувчилар учинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Вазирлик томонидан саралашнинг иккинчи босқич натижаларига кўра саралаб олинган ўқувчилар учун тажрибали ўқитувчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва хорижий мутахассислар, шунингдек, халқаро танлов ва олимпиадалар совриндорлари бўлган тренерлар иштирокида маҳорат дарслари, кучайтирилган ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Мазкур ўқув машғулотлари давомида ўтказиладиган учинчи босқич синов натижаларига кўра ҳар бир фан йўналишида энг юқори балларни қўлга киритган ўқувчилардан нуфузли халқаро олимпиадаларда белгиланган квоталар асосида Ўзбекистон терма жамоаси таркиби шакллантирилади.
Шунингдек, Минтақавий халқаро олимпиадаларда иштирок этиш учун Ўзбекистон терма жамоаси нуфузли халқаро олимпиадаларга ўтказилган саралаш босқичлари натижалари асосида ёки Вазирлик томонидан қўшимча саралашлар ўтказиш орқали шакллантирилиши мумкин.
