«Йил ўқитувчиси» танлови бўйича бериладиган синовларнинг баҳоланиши тартиби

«Йил ўқитувчиси» танлови бўйича бериладиган синовларнинг баҳоланиши тартиби

Хабарингиз бор, 25 октябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактаблари жисмоний тарбия ва мусиқа маданияти фанлари ўқитувчилари учун аттестация синовларининг биринчи босқич жараёнлари ўтказилди.

 

Биринчи босқичда — бошқа фанлардан фарқли равишда мутахассислик фани (35 та) ва касб стандарти (5 та) бўйича бериладиган 40 та тест топшириғининг ҳар бири 1 балл билан баҳоланди (жами 40 балл).

 

Иккинчи босқич (амалий имтиҳон)да — мусиқа маданияти фани Маданият вазирлиги ҳамда жисмоний тарбия фани Спорт вазирлиги томонидан ташкил этилиши белгиланган ва 60 баллик тизим асосида баҳоланади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 264-сон қарорига кўра:

 

– жисмоний тарбия ва мусиқа маданияти фанларидан олий ёки биринчи малака тоифасига эга ҳамда тегишли талабларга жавоб берадиган педагоглар аттестация синовларининг биринчи босқич натижалари асосида «Йил ўқитувчиси» танловида иштирок этишади.

 

Бунда танловда иштирок этмоқчи бўлган мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия фанлари педагоглари юқорида келтириб ўтилган 40 та тест саволларига қўшимча равишда педагогик маҳорат бўйича 10 та тест саволига жавоб беришди (жами 50 та савол).

 

«Йил ўқитувчиси» танлови бўйича бериладиган синовлар (50 та савол) қуйидаги тартибда баҳоланди:

 

➖ мутахассислик фанидан — 35 та савол (ҳар бири 3,1 балдан);

➖ педагогик маҳорат бўйича — 10 та савол (ҳар бири 2,1 балдан);

➖ касб стандарти бўйича — 5 та савол (ҳар бири 1,1 балдан).

 

Эътибор беринг! Мусиқа маданияти ҳамда жисмоний тарбия фанлари ўқитувчиларининг малака тоифа синов натижалари фақат мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича баҳоланди (40 та савол, ҳар бир тўғри жавоб учун 1 балдан, жами 40 балл). Педагогик маҳорат фанидан олинган баллар малака тоифаси синови натижаларига қўшилмади.

 

Агар педагог «Йил ўқитувчиси» танловида қатнашишни истамаса, мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича 40 та тест топшириғини бажаради ва бу аттестация жараёни учун етарли ҳисобланади.

 

«Йил ўқитувчиси» танловида иштирок этиш истагида бўлган ҳамда тегишли талабларга жавоб берадиган педагоглар педагогик маҳорат бўйича қўшимча 10 та саволга жавоб берди (шунингдек, қўшимча вақт ҳам ажратилган).