Сидней университетига келаси йил учун қўшимча хорижий талаба квотаси берилмади

Сидней университетига келаси йил учун қўшимча хорижий талаба квотаси берилмади

Австралиянинг Сидней университети хорижий талабаларга ажратилган қўшимча квотани олишдан рад жавобини олди.

 

Австралия таълим вазири Жейсон Клер эълон қилишича, келаси йил давлат университетлари учун жами 17 500 та қўшимча хорижий талаба ўрни ажратилади, аммо Сидней университети бунга лойиқ топилмади. Бунга асосий сабаб сифатида университетдаги янги талабалар турар жойи етишмаслиги кўрсатилган.

 

Эълон қилинган қарорга кўра, минтақавий университетлар — Charles Sturt, Federation, Newcastle va Charles Darwin университетлари — энг катта ўсишни қайд этган. Мелбурндаги Монаш университети келаси йилда қўшимча 910 та талаба қабул қилиши кутилмоқда.

 

Австралияда таълим тўртинчи йирик экспорт соҳаси бўлиб, 2023/24 молиявий йилида унинг қиймати 51,5 миллиард долларни ташкил этган. Аммо талабалар визаси учун аризалар ўтган йилга нисбатан 26 фоизга камайган.

 

Таъкидлаш жоиз, Австралия таълим тизими ҳар бир ўқув муассасаси учун ҳар йили хорижлик талабалар сонига индивидуал лимит белгилайди. Аввалроқ, Австралия 2026 йилда хорижий талабалар учун қабул квотаси чекловини йиллик 270 000 дан 295 000 га ошириши ҳақида хабар берган эдик.