Аттестациядан норози бўлган ўқитувчилар 10 кун ичида апелляция аризасини юборишлари мумкин

Аттестациядан норози бўлган ўқитувчилар 10 кун ичида апелляция аризасини юборишлари мумкин

Малака тоифаси тест синовларида иштирок этган педагоглар pedagog.uzedu.uz платформасидаги ўз шахсий кабинетлари (аккаунтлари) орқали онлайн шаклда апелляция юборишлари мумкин.

 

Апелляция юбориш учун «Апелляцияларим» бўлимига кириб «Апелляция юбориш» тугмасини босиш керак бўлади.

 

Ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорига мувофиқ ҳар бир педагог тест синови тугаган вақтидан бошлаб 10 кун муддатда аппеляция юбориши мумкин.

 

Низомга кўра, ариза (шикоят) рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда, қўшимча ўрганишлар талаб этилганда эса малака тоифаси сертификатлари шакллантирилгунга қадар кўриб чиқилади.

 

Бунда апелляция комиссияси таркибига ишчи гуруҳлар таркибидан аъзо киритилмайди.

 

Мурожаат этувчи педагог кадрлар апелляция комиссияси томонидан мурожаати кўриб чиқилиши жараёнида бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этиши мумкин.

 

Қарорнинг 59-бандига кўра, апелляция комиссияси педагог кадрнинг аттестация жараёнларига оид мурожаатини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

 

– педагог кадрнинг тўғри баҳоланганлиги, ўқув фани бўйича тест ва малака синови материалларида хато ва камчиликлар, шунингдек, синовларни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, аттестация натижаларини ўзгартиришсиз қолдириш;

 

– педагог кадрнинг педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлиги нотўғри баҳоланганлиги, ўқув фани бўйича тест ёки малака синови материалларида хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, аттестация натижаларини ўзгартириш;

 

– ўқув фани бўйича тест ёки малака синовларини ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, тест синовларининг қайтадан топширилишини ташкил этиш.

 

Апелляция комиссияси қарори нусхаси апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан беш кун муддатда ваколатли вазирликнинг расмий веб-сайтидаги мурожаат этувчи педагог кадрнинг шахсий кабинетига юборилади.

 

Аттестациядан норози бўлган ўқитувчилар 10 кун ичида апелляция аризасини юборишлари мумкинАттестациядан норози бўлган ўқитувчилар 10 кун ичида апелляция аризасини юборишлари мумкин