«Бутунжаҳон туркий тиллар куни» таъсис этилди

«Бутунжаҳон туркий тиллар куни» таъсис этилди

Самарқандда ўтаётган ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси иштирокчилари 15 декабрь санасини Бутунжаҳон туркий тиллар куни деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

 

Бу ташаббус Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия томонидан илгари сурилиб, 21 та аъзо давлат томонидан қўллаб-қувватланди.

 

Таъкидланишича, 15 декабрь танланиши рамзий маънога эга ҳисобланади. Бу санада 1893 йили даниялик олим Вилгелм Томсен туркий тиллар оиласининг қадимий ёзма ёдгорлиги бўлган Ўрхун битиклари алифбосини ўқиб чиққанини эълон қилган. Бу эса турк тил оиласининг келиб чиқишини тасдиқловчи энг қадимги ёзма манбалардан бири ҳисобланади.

 

Турк тиллари ЮНEСКОнинг бир нечта аъзо давлатларида яшовчи 200 миллиондан ортиқ инсоннинг она тили ҳисобланади ва тахминан 12 миллион квадрат километр ҳудудни қамраб олади.