Навоийда спорт мактаби раҳбари ва бош ҳисобчиси 3 млн сўм пора олаётганда қўлга олинди

Навоийда спорт мактаби раҳбари ва бош ҳисобчиси 3 млн сўм пора олаётганда қўлга олинди

Навоий вилоятидаги туманлардан биридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори ҳамда бош ҳисобчиси ўзаро тил бириктириб, мактаб мураббийига ажратилиши лозим бўлган хизмат сафари пулидан ъулушʼ олишни режалаштирганликлари аниқланган.

 

Маълум бўлишича, улар жорий йилнинг март ва май ойларида пара енгил атлетика спорт тури бўйича мураббий 8 нафар спортчи билан Тошкент вилоятида ўтказилган мусобақада иштирок этганлиги учун тўланиши керак бўлган жами 40 миллион 722 минг сўм миқдоридаги хизмат сафари пулларини тўлаб бериш эвазига ушбу суммадан 40 фоизини, яъни 16 миллион сўмдан ортиқроқ қисмини беришини талаб қилишган.

 

Шундан сўнг, бош ҳисобчи мураббийнинг банк пластик картасига хизмат сафари пули ҳисобидан 10 миллион сўм ўтказиб берган ва шундан 3 миллион сўмини пора сифатида олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушлаб олинган.

 

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Аввалроқ, Жиззахда мактаб раҳбари ўқитувчидан пора олаётганида қўлга олинганлиги ҳақида хабар берган эдик.