Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ўзининг ойлик маошини мактаблар қурилиши бўйича миллий компания ҳисобига ўтказиб, бу ҳақдаги ваъдасини 48 соатдан кам вақт ичида бажарди. Бу ҳақда SNNTV нашрига Мактабларни таъмирлаш, ривожлантириш ва жиҳозлаш миллий ташкилоти раҳбари Ризо Хонмуҳаммадий хабар берган.
Хонмуҳаммадийнинг сўзларига кўра, Пизишкиён 30-октабр куни қурилиш соҳаси мутасаддилари ва ҳомийлар билан учрашувда компанияга ўз ҳиссасини қўшишини ваъда қилган, 1 ноябрь куни эса маблағни ўтказган. Ушбу операция расмий депозит ҳужжати билан тасдиқланган.
2024 йил июль ойида Эрон президенти этиб сайланган Масъуд Пизишкиён сиёсатга киришишдан аввал Табриз тиббиёт фанлари университетини бошқарган кардиолог-жарроҳ эди.
«Мактаб қур» номли миллий ташаббус Эронда куз ойларида бошланган бўлиб, президент шунда бир ойлик маошини таълим муассасалари қурилишига ўтказишини маълум қилганди. Акция фуқароларни мактабларни қуриш ва таъмирлашда иштирок этишга — ҳам молиявий, ҳам бошқа ёрдам шаклида жалб қилишга қаратилган.
Президентнинг аниқ ойлик даромади расмий манбаларда очиқланмаган, бироқ 2024 йилда у ойига 600–700 миллион риёл атрофида маош олишини айтган, бу миқдор тахминан 15 минг АҚШ долларига тенг.
