Наманган вилояти, Уйчи тумани 26-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Марзия Жўраева малака синовларида қатнашиб, 88 баллни қўлга киритди ва 70% лик устамага даъвогарлар сафига қўшилди.
Марзия Жўраева аттестация жараёнлари, саволлар даражаси ва фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
«Агар устозлар кўп йиллик тажрибага эга ҳамда ўз устида тинмай ишлаган бўлса, бу аттестация имтиҳонларида юқори балларга эриша оладилар.
Саволлар даражаси албатта, олдинга қўйилган ютуқлар ҳолатига қарайди. Биз 3 та ютуққа эришишимиз мумкин. 70% устама, вазир устамаси ва албатта йил ўқитувчиси танловининг 1-босқичидан ўтиш. Шунинг учун, ҳам саволлар даражаси ўқитувчиларга ажратилган 3 хил имконият, 3 хил имтиёзни инобатга олган ҳолда яратилган деб ўйлайман», — дейди ўқитувчи.
Аввалроқ, IELTS 8 сертификати бор ўқитувчи аттестация саволлари бўйича эътироз билдирганлиги ҳақида хабар бергандик.
Шунингдек, аттестация синовлари бўйича республика инглиз тили фани ўқитувчилари номидан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримовага мурожаати юзасидан вазирлик муносабат билдирганди.
