Масофавий таълимда ўқиётган ходим ҳам ҳақ тўланадиган таътил олишга ҳақлими?

Масофавий таълимда ўқиётган ходим ҳам ҳақ тўланадиган таътил олишга ҳақлими?

Савол: Масофадан туриб олий таълим олаётган кўплаб ходимларни қизиқтираётган саволлардан бири – имтиҳон даврида ишдан озод этилиб, маош сақланган таътил олиш ҳуқуқи фақат сиртқи ва кечки таълимдагилардатми ёки масофавийларга ҳам тааллуқлими?

 

Айрим корхоналар кадрлар бўлимлари масофавий таълим олаётганларга бундай имтиёз берилиши шарт эмас, чунки «ўқиш онлайнда, ишдан қолишга эҳтиёж йўқ» деган баҳона билан рад этиш ҳолатлари учрамоқда. Аслида эса масалага қонунчилик асосида ёндашиш талаб этилади, зеро масофавий таълимдаги талабаларнинг ҳам имтиҳон ва якуний назорат жараёнларида жисман ОТМга бориши шарт бўлган вазиятлар мавжуд.

 

Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, Меҳнат кодексининг 385-моддасида назарда тутилган кафолат ва компенсациялар сиртқи ва кечки таълим олаётган ходимлар учун татбиқ этилади. Шу боис ушбу моддани масофавий таълим шаклида ўқиётганларга тўғридан-тўғри қўллаб бўлмайди. Бироқ бу – уларда умуман имтиёз йўқ, дегани эмас.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 октябрдаги 559-сон қарорига илова сифатида тасдиқланган «Олий таълим муассасаларида масофавий таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 22-бандида муҳим қоида белгиланган. Унга кўра, масофавий таълимни иш билан уйғун олиб бораётган талабаларга семестр якунида якуний баҳолашдан ўтиш, битирувчиларга эса давлат аттестацияси, битирув малакавий ёки магистрлик ишини ҳимоя қилиш учун 15 календарь кундан кам бўлмаган муддатга ҳақ тўланадиган таътил берилиши шарт.

 

Шунга асосан, масофавий таълимда таҳсил олаётган ходим ҳам семестр охирида имтиҳон ва якуний назорат учун иш жойидан камида ўн беш кун маош сақланган ҳолда ажратилиш ҳуқуқига эга.

 

Таътил расмийлаштирилиши учун ходим иш берувчига қуйидагиларни тақдим этиши керак:

 

– ўқиш муассасасидан масофавий таълимда ўқиётгани ва якуний назорат/аттестация муддати кўрсатилган маълумотнома;

– ОТМ тасдиқлаган якуний назорат ёки аттестация графиги.

 

Маълумотномани олиш учун шахсан ОТМга бориш шарт эмас, уни электрон тарзда my.gov.uz портали орқали юклаб олиш мумкин.

 

Демак, масофавий таълим олаётган ходим ҳам қонун асосида имтиҳон даврида ҳақ тўланадиган таътилга эга. Фақат ушбу имтиёз Меҳнат кодексининг 385-моддаси эмас, балки 559-сон қарор билан тасдиқланган низомга таянилган ҳолда берилади.