Тошкентдаги мактабларда ниқоб тақиш мажбурий бўлаётгани юзасидан ССВ муносабат билдирди

Тошкентдаги мактабларда ниқоб тақиш мажбурий бўлаётгани юзасидан ССВ муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда 30 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги мактабларда тиббий ниқоб тақиш тартиби жорий этилиши билан боғлиқ хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати расмий муносабатини билдирди.

 

 

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков бу масалага қуйидагича ойдинлик киритди:

 

«Ижтимоий тармоқларда ушбу масала нотўғри талқин қилинмоқда. Аввало, уларда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг шу йил 26 сентябрдаги қарори асос қилиб кўрсатиляпти. Ҳужжат санасига эътибор беринг: у сентябрь ойида имзоланган.

 

Аслида, ҳар йили мавсумий ўткир респиратор касалликлар ва грипп авж олишидан олдин бу каби қарорлар қабул қилиниб, жойлардаги муассасаларга тегишли тавсиялар бериб келинади».

 

Таъкидланишича, қарорда эпидемик вазият мураккаблашганда тиббий ниқоб тақиш белгиланган. Ҳозир эпидемик вазият барқарор, шундай экан, мактабларда ёппасига ниқоб тақиш зарурати йўқ. Агар гуруҳда касалланган болалар бўлса, ўша бемор билан мулоқотга киришиш эҳтимоли бор жойлардагина ниқоб тақиш тавсия этилади.

 

«Ҳаво-томчи йўли билан юқадиган касалликларда имкон қадар ижтимоий масофа сақлаш ва мулоқот даврида ниқобда бўлиш мақсадга мувофиқ.

 

Ҳужжатда айтиб ўтилган тиббий ниқоб тақиш тартиби жойларда вазиятга қараб ҳал қилинади. Буни зинҳор ёппасига шундай тартиб жорий қилиняпти, деб талқин қилмаслик керак», — дейилади муносабатда.

 

Шу маънода, мазкур қарорга жойлардаги эпидемик вазият қай даражада мураккаб ёки мураккаб эмаслигидан келиб чиқиб, тегишли чора қабул қилиш учун мўлжалланган одатий ҳужжат сифатида қаралиши зарур.