Ургутда маст эркак ўқитувчини калтаклагани бўйича вилоят ММТБ муносабат билдирди (видео)

Ургутда маст эркак ўқитувчини калтаклагани бўйича вилоят ММТБ муносабат билдирди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида спиртли ичимлик таъсирида бўлган фуқаро мактаб ўқитувчисини калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу бўйича вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

 

 

Таъкидланишича, жорий йилнинг 27 октябрь куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган 112-умумтаълим мактабида фаолият юритувчи ўқитувчига маст ҳолатда бўлган фуқаро ҳужум қилган ва мактаб раҳбарияти ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлимига хабар берган.

 

 

Шундан сўнг, ўқитувчи туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

 

«Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўқитувчининг аҳволидан хабар олиш мақсадида тиббиёт бирлашмасига борган. Айни пайтда ўқитувчининг умумий аҳволи яхши», дейилади хабарда.

 

Ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли суриштирув ишлари бошланган.