Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрида Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 6,17 млн сўмни ташкил этди. Энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида (10,4 млн сўм), энг пасти эса Қашқадарё вилоятида (4,27 млн сўм) қайд этилди.
Тармоқлар бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи — молия соҳасида. Хусусан, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳаси вакиллари ўртача ҳисобда 16,8 млн сўм ойлик иш ҳақи олади. Кейинги ўринларда — ахборот ва алоқа соҳаси (15 млн сўм) ҳамда ташиш ва сақлаш соҳаси (9,4 млн сўм) вакиллари.
Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш (3,8 млн сўм) ва таълим (4,2 млн сўм) соҳаларида сақланиб қолмоқда.
Айни пайтда, иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида (22,8 фоиз) қайд этилди. Шунингдек, таълим (19,8 фоиз), ташиш ва сақлаш (16,7 фоиз) ҳамда ахборот ва алоқа соҳаларида ҳам сезиларли (16,6 фоиз) ўсиш қайд этилган.
Таълим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 4 188,5 минг сўмни ташкил этган бўлса, унинг таркиби бўйича ўртача ойлик иш ҳақи олий таълим соҳасида 9 513,3 минг сўмни, техник ва профессионал таълим соҳасида 4 259,7 минг сўмни, умумий ўрта таълим соҳасида 4 136,7 минг сўмни, мактабгача таълим соҳасида эса 2 771,5 минг сўмни ташкил этган.



