Меҳнат таътили вақтида ходимнинг сиртқи таълимда ўқиши бошланса таътил бекор бўладими?

Меҳнат таътили вақтида ходимнинг сиртқи таълимда ўқиши бошланса таътил бекор бўладими?

Савол: Ассалому алайкум! Меҳнат таътилида бўлган ходим сиртқи таълимда ўқиши бошланганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиб келди. Ушбу ҳолатда қандай йўл тутилса тўғри бўлади?

 

Меҳнат кодекси 229-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили ўқув таътилига тўғри келиб қолганда ходимлар ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга.

 

 

Агар ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланишга монелик қилувчи сабаблар таътил бошлангунига қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига кўра таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.

 

 

Ходим ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган, юзага келган сабаблар тўғрисида иш берувчини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

 

Агар ходим ушбу кодекс 228-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган муддатда таътил бошланадиган вақт ҳақида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунига қадар ушбу кодекс 233-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, ҳар йилги меҳнат таътили ходимнинг аризасига кўра бошқа муддатга кўчирилади.

 

 

Демак, ушбу ҳолатда таътилидан фойдаланишга монелик қилувчи сабаб яъни ўқув таътили ҳар йилги меҳнат таътили даврида келиб чиққанлиги сабабли, ходим ўқув таътили туфайли ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш учун ариза ёзади, аризага ОТМнинг чақирув қоғозини илова қилади ҳамда ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш бўйича иш берувчиниг буйруғи қабул қилинади. Ёки ходим билан иш берувчининг келишувига кўра таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.