Талабалар тўлов-контракт олиш мақсадида kontrakt.edu.uz сайти орқали онлайн ариза бераётганда «Шартнома турини танлаш» деган банд бор. Бунда икки томонлама ёки уч томонлама шартномани танлаш сўралади.
Икки томонлама ва уч томонлама шартномани қандай фарқи бор?
1. Икки томонлама шартнома — бу ОТМ ва абитуриент ўртасида тузилади. Бошқача айтганда, агар контракт ёки супер-контракт пулини талаба ўзи ёнидан тўламоқчи бўлса, шу бандни танлаш керак.
Бундан ташқари, банкдан таълим кредити олмоқчи бўлса ёки ота-онасининг ишхонасидан ойлик маошидан тўламоқчи бўлса ҳам икки томонлама шартнома олиш кифоя қилади, уч томонламани олманг.
2. Уч томонлама шартнома — бу ОТМ, талаба ва яна бирор ҳомий ташкилот ўртасида тузилади. Агар контракт ёки супер-контракт пулини талабанинг ўзи эмас, балки бирор ҳомий ташкилот тўламоқчи бўлса (балки кейинчалик ўша ташкилотга ишлаб бериш шарти бўлиши ҳам мумкин), унда уч томонлама шартнома деган бандни танлаш керак.
Уч томонлама танланганда ўша ҳомий корхонанинг (ўқиётган университетнинг эмас) СТИР рақамларини ҳам киритиш керак бўлади.
