Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги 662-сонли қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 823-сонли қарорига айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, умумтаълим муассасасининг директори ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра ҳар ойлик устамалар тўлаш тартиби белгиланди.
Унга кўра, умумтаълим муассасасининг раҳбар ходимларига (директор ва унинг ўринбосарлари) ва ўз фаолиятини соатбай ҳақ тўлаш асосида амалга оширадиган ўқитувчиларга Низомининг 20-бандига мувофиқ белгиланган ҳар ойлик устамалар белгиланмайди.
Халқаро математика олимпиадаси – International Mathematical Olympiad (IMO), Халқаро физика олимпиадаси – International Physics Olympiad (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси – International Chemistry Olympiad (IChO), Халқаро биология олимпиадаси – International Biology Olympiad (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси – International Olympiad in Informatics (IOI) – фан олимпиадаларида ўқувчилари ғолибликни қўлга киритган мактаб раҳбари (директор) бундан мустасно.
Умумтаълим муассасаларининг директори ва унинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги умумтаълим муассасасининг қуйидаги белгиланган кўрсаткичларга (кейинги ўринларда – кўрсаткичлар) мувофиқ 100 баллик тизимда баҳоланади:
– академик натижалар;
– ноакадемик натижалар;
– тарбиявий ишлар самарадорлиги;
– молиявий фаолият самарадорлиги;
– малакали ўқитувчилар билан таъминланганлик даражаси.
Кўрсаткичлар бўйича баҳолаш методикаси ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Кўрсаткичлар умумтаълим муассасасининг Ички гуруҳи томонидан баҳоланади.
Бунда баҳолаш кўрсаткичлари асосида умумтаълим муассасалари тўплаган умумий баллардан келиб чиқиб, ушбу умумтаълим муассасаси директори ва унинг ўринбосарларига қуйидаги миқдорларда бир календарь йил (январь декабрь ойлари) учун базавий тариф ставкаларига нисбатан ҳар ойлик устама белгиланади:
а) умумтаълим муассасаси директори:
– 61-70 балл тўпласа – 3 фоиз;
– 71-80 балл тўпласа – 10 фоиз;
– 81-90 балл тўпласа – 15 фоиз;
– 91-100 балл тўпласа – 20 фоиз;
б) умумтаълим муассасаси директорининг ўринбосарлари:
– 61-70 балл тўпласа – 2,5 фоиз;
– 71-80 балл тўпласа – 5 фоиз;
– 81-90 балл тўпласа – 7,5 фоиз;
– 91-100 балл тўпласа – 10 фоиз.
Директор ёки директор ўринбосарлари белгиланган ҳар ойлик устама Жамғармадаги мавжуд маблағлар доирасида амалга оширилади.
Бунда белгиланган устамалар Жамғармадаги маблағлардан ошиб кетган ҳолларда, мазкур белгиланган ҳар ойлик устамалар тегишли миқдорда камайтирилади.
Ҳар ойлик устама белгиланиши учун директор ёки директор ўринбосарлари мазкур умумтаълим муассасасида камида 9 ой давомида асосий лавозими бўйича фаолият юритган бўлишлари лозим.
Директор ёки директор ўринбосарлари ўзи фаолият юритаётган умумтаълим муассасасида бошқа лавозимга ўтганда ёки бошқа умумтаълим муассасасига ишга ўтганда уларга тайинланган ҳар ойлик устамалар сақланмайди, бундан тенг лавозимга ротация қилинган ҳолатлар мустасно.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги энг тажрибали умумтаълим муассасалари директорларидан иборат бўлган Директорлар кенгашларида фаолият юритаётган умумтаълим муассасаси директорларига жамғарма ҳисобидан базавий тариф ставкаларига нисбатан 20 фоиз ҳар ойлик устамалар тўланади.
Мазкур директорлар учун Низомнинг юқоридаги бандига асосида белгиланган кўрсаткичларга эришиш даражасига қараб белгиланган устамалар тайинланади (директор ўринбосарлари бундан мустасно).
