Президент Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини йўллади

Президент Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини  йўллади

Бугун, 21 октябрь «Ўзбек тили байрами куни» муносабати билан, Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек халқини табриклади.

 

 

Қадрли ватандошлар!

Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидан мустаҳкам ўрин олган қутлуғ сана – Ўзбек тили байрами куни билан сиз, азизларни, бутун халқимизни, чет эллардаги барча юртдошларимизни чин дилдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу шукуҳли айёмда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: бундан саккиз йил олдин мамлакатимизда бошлаган том маънодаги тарихий ислоҳотларимиз туфайли ўзбек тили ривожида ҳам янги давр бошланди. Бу борада қабул қилинган фармон, қарор ва дастурлар асосида унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш, замонавий илм-фан, ахборот технологиялари ва халқаро муносабатлар тилига айлантириш бўйича катта ишларни амалга оширдик.

Хусусан, юртимизда географик объектлар номларини давлат тили меъёрларига мувофиқлаштириш изчил давом эттирилмоқда. Бугунги кунга қадар 250 мингга яқин географик объект, жумладан, 200 мингдан ортиқ кўча номлари давлат тилига мувофиқлаштирилиб, реестрга киритилгани, фақат кейинги икки йилда тоғ ва чўққилар, дарё, кўл, сув омборлари, фойдали қазилма конлари, метро бекатлари, темирйўл вокзали ва станциялари, аэропорт ва автостанциялар сингари 2 600 та объект давлат тили талаблари асосида қайта номланганини қайд этиш зарур.

Ҳозирги шиддатли глобаллашув жараёнлари, илм-фан ютуқлари орқали ҳаётимизга кенг миқёсда кириб келаётган янги тушунча ва атамаларни тилимизга аниқ қоида ва тамойилларга биноан қабул қилиш, тил сиёсатини илмий асосда, марказлашган ҳолда юритиш мақсадида Атамалар комиссияси фаолияти кучайтирилди.

Хорижий сўз ва ибораларни кенг жамоатчилик, олим ва мутахассислар иштирокида ўзбекчалаштириш бўйича самарали механизм жорий этилиб, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш учун махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилгани, электрон манбалар яратилгани эътиборга сазовордир.

Шу ўринда бир фикрни яна таъкидлашни ўринли, деб биламан: келажагимиз эгаси бўлган ёш авлодимиз замонавий билимлар, инновация ва тараққиёт чўққиларини эгаллаши учун албатта чет тилларини ўрганиши лозим. Лекин улар миллий руҳ, миллий тафаккур эгаси, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишлари учун, аввало, ўзбек тили ва адабиётини болаликдан бошлаб пухта билишлари шарт.