Олий таълимда тюторларнинг мақсад ва вазифаларини ташкил этиш бўйича низом тасдиқланди

Олий таълимда тюторларнинг мақсад ва вазифаларини ташкил этиш бўйича низом тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг қарори 2025 йил 17 октябрдаги «Олий таълим ташкилотларида тюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги 656-сон қарори тасдиқланди.

 

 

Унда олийгоҳларда фаолият олиб борадиган тюторларининг мажбуриятлари, малака талаблари ва ҳуқуқлари белгиланган. Тюторлар фаолиятига олий таълим ташкилотининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори (директор ўринбосари) умумий раҳбарлик қилади.

 

Тюторликнинг мақсад ва вазифалари

 

Тюторлик фаолиятининг мақсади – талаба-ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, шахсий-касбий ривожланишига яқиндан ёрдам бериш, талабаларнинг таълим-тарбия жараёнларига мослашувини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилишдан иборат.

 

 

Тюторлик фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

 

– талабаларнинг олий таълим ташкилоти ва таълим тарбия жараёнларига мослашувига, ахборот-ресурслари ва бошқа манбалардан самарали фойдаланишига кўмаклашиш ҳамда шахсий-касбий қизиқишларини ривожлантиришга қаратилган якка ва жамоавий маслаҳатлар бериб бориш, ички тартиб-қоидалар, одоб-ахлоқ кодекси ҳамда бошқа локал ҳужжатлар билан талабаларни таништириш;

 

– талабаларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш;

 

– талабаларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишни таъминлаш;

 

– ногиронлиги бўлган, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни ҳамда ижтимоий-маданий, маънавий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этаётган талабаларни рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш;

 

– талабаларнинг яшаш манзиллари (талабалар турар жойи, ижара, яқин қариндоши ва хусусий хонадонлар) бўйича мунтазам мониторинг юритиш ҳамда у ердаги шароит ва талабаларнинг ижтимоий (оилавий) ҳолатидан хабардор бўлиш, уларнинг бу борадаги муаммоларини ўрганиб, уни бартараф этиш бўйича раҳбариятга тегишли таклифлар киритиш;

 

– талабаларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда уларни фарзандининг ўқув-тарбиявий ва ижтимоий-маиший соҳалардаги фаолияти тўғрисидаги маълумотлардан хабардор қилиб бориш.

 

Тюторлик лавозимининг малака талаблари:

 

– олий маълумотга (бакалавр) эга бўлиш ((илмий даража ва илмий унвонга эга шахсларга афзалликлар берилади);

 

– қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таълим бериш ҳуқуқидан маҳрум этилмаган бўлиши;

 

– маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар услубиёти ва амалиётини чуқур англаб етган, педагогик-психологик билим ва тажрибага эга бўлиш;

 

– намунавий шахсий фазилатларга, шу жумладан, маданиятли, масъулиятли, киришувчан, ватанпарвар ва ташаббускор бўлиш;

 

– мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларига эга бўлиш.

 

Тюторлик фаолиятини ташкил этиш

 

Низомга кўра, тюторлик асосий меҳнат фаолияти бўлиб, бунда тюторлик учун бакалавр даражаси тўғрисидаги ҳужжат (ёки унга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар) талаб этилади.

 

 

Тюторларга бакалавриат босқичининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 1–3-курс талабалари бириктирилади ва уларнинг сони, қоида тариқасида, 120–150 нафардан иборат бўлади. Тюторлар таълим ташкилотида тегишли бўлим ва тузилмалар билан ҳамкорликда ўқув йили учун тасдиқланган иш режаси асосида фаолиятини ташкил этади.

 

 

Шунингдек, тюторлар фаолиятига оид чораклик ҳисоботлар тегишли бўлинма томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш марказининг электрон тизимига киритиб борилади.

 

 

Талабаларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш учун тюторларнинг иш куни давомийлигини олий таълим ташкилотидаги ўқув жараёни графигидан келиб чиққан ҳолда, мослашувчан иш графиги асосида белгилаш мумкин.