Шавкат Мирзиёев давлат тилини янада ривожлантиришга оид муҳим қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёев давлат тилини янада ривожлантиришга оид муҳим қарорни имзолади

Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

 

Унга кўра, қуйидагилар давлат тилини янада ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

 

 

– мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланишга эришиш;

– таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;

– давлат тилининг софлигини сақлаш ва унинг луғат бойлигини мунтазам ошириб бориш;

– давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, бу борада сунъий интеллект имкониятларидан унумли фойдаланиш;

– давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

– мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар вакиллари ҳамда хориждаги ватандошларимизнинг давлат тилини ўрганиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш.

 

 

Қарорда 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури иловага мувофиқ тасдиқланиши айтилган.

 

 

Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилиши белгиланди.

 

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 2026 йилдан бошлаб:

 

 

– таълим қардош тилларда олиб бориладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари учун ўзбек тилини ўргатиш бўйича дарсликларнинг даврийлиги асосида янги авлодини яратиш;

– мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўргатиш бўйича педагоглар учун ўқув қўлланмаларни ишлаб чиқиш;

– мактабгача таълим ёшидаги болалар учун «Менинг илк изоҳли луғатчам» расмли луғат китобини яратиш;

– болаларга ўзбек тилини ўргатиш бўйича замонавий анимацион видео ва аудио маҳсулотлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

 

Фанлар академияси эса:

 

 

– 2026 йил 1 июнга қадар кўп жилдли «Ўзбекистон миллий қомуси»ни электрон шаклда тайёрлаш ва эълон қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

– 2026 йил 1 декабрга қадар «Она тили. Қомус» китобининг нашрга тайёрланиши ва чоп этилишини таъминлайди.