Асосий олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи саволлари тарқалгани юзасидан Агентлик муносабат билдирди

Асосий олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи саволлари тарқалгани юзасидан Агентлик муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда математика фанидан 10-синф олимпиада саволлари муддатидан аввал чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу бўйича Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги расмий муносабат билдирди.

 

 

Унга кўра, ижтимоий тармоқлар орқали математика фанидан Асосий олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи саволлари Республика бўйлаб ноқонуний тарзда тарқатилган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

 

 

Маълум қилинишича, математика фанидан Асосий олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи ҳар бир синф кесимида (9-10-11-синф) қайта ўтказилади.

 

 

Маълумот учун, ушбу олимпиада саволлари Фан олимпиадалари маркази томонидан тузилди, ҳар бир ҳудудда (ҳудудий бошқармаларда) марказлашган ҳолатда чоп этилмоқда.

 

«Ҳудудлардаги Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларида ташкил этилган штабларда саволлар чоп этиш жараёнида айрим ходимларнининг зиммасидаги вазифага масъулятсизлик билан ёндашгани, жараёнда адолатни таъминламагани оқибатида материаллари тарқалди.

 

Ҳозирда бу ҳолатга сабабчи шахслар аниқланмоқда ва улар амалдаги қонунчилик доирасида жавобгарликка тортилади.

 

Математика фанидан Асосий олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи ҳар бир синф кесимида (9-10-11-синф) қайта ўтказилишини маълум қиламиз.

 

Фан олимпиадалари маркази барча босқичларда жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва холис ташкил этилишидан манфаатдордир.

 

Шу муносабат билан, агар Сизга:

– олимпиада саволлари ёки жавоблари пул эвазига таклиф этилса,

– жараёнларга таниш-билишчилик ёки ноқонуний таъсир кўрсатиш ҳолатлари бўлса, дарҳол Фан олимпиадалари Марказнинг махсус боти ёки ушбу (+998 71 207 05 24) телефон орқали хабар беришингизни сўраймиз», — дейилади муносабатда.