Венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркаи 2025 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофотини «қиёмат даҳшати манзарасида ҳам санъатнинг қудратини тасдиқлаган ишончли ва башоратли ижоди учун» қўлга киритди.
Нобел қўмитаси уни «Кафка ва Томас Бернхард анъаналарига мансуб Марказий Европа адабиётининг буюк эпик вакили» сифатида таърифлади.
Краснахоркаи 1985 йилда эълон қилинган «Сатанин тангоси» романи билан кенг танилган. Шунингдек, у «Қаршилик меланхолияси» ва «Уруш ва уруш» каби асарлари билан ҳам машҳур. Ёзувчи 2015 йилда Халқаро Букер мукофотини ҳам қўлга киритган эди.
2024 йилда адабиёт бўйича Нобел мукофоти жанубий кореялик ёзувчи Хан Ганга «тарихий жароҳатларга қарши чиққан ва инсон ҳаётининг нозик томонларини очиб берган бой шеърий насри учун» топширилган эди.
«Нобел ҳафталиги» одатдагидек физиология ва тиббиёт соҳасидаги ғолибларни эълон қилиш билан бошланди. Бу йил ушбу йўналишдаги мукофот Мери Брункоу, Фред Рамсделл ва Шимон Сакагучига «периферик иммунологик толерантлик борасидаги кашфиётлари учун» берилди.
7 октябр куни физика бўйича Нобел мукофоти Жон Кларк, Мишел Деворе ва Жон Мартинисга «электр занжирларида макроскопик квант-механик туннеллаш ҳамда энергия квантланишини кашф этгани учун» топширилди.
8 октябрда кимё бўйича мукофот Сусуму Китагава (Япония), Ричард Робсон (Австралия) ва Омар Яги (АҚШ)га «металлорганик каркас тузилмаларини ишлаб чиққанликлари учун» насиб этди.
Тинчлик мукофоти лауреати 10-октабр куни, иқтисодиёт бўйича мукофот эса — 13 октябрда, яъни Алфред Нобел хотирасига бағишлаб Швеция банки томонидан таъсис этилган сана доирасида эълон қилинади.
Лауреатларни тақдирлаш маросими анъанавий равишда 10 декабрь куни Стокголмда бўлиб ўтади.
