2025 йил 9 октябрь куни Фориш туманидаги 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат боғчаларининг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар тарбияланувчилари иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиш ва ҳолсизлик каби шикоятлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишган.
Эпидемиологик суриштирувга кўра, заҳарланиш 8 октябрь куни боғчаларда берилган биокефир, сир ва сариёғ маҳсулотларидан кейин содир бўлган. Санитария талабларига риоя қилинмагани — яъни овқат маҳсулотларини ташиш ва сақлашда қоидалар бузилгани аниқланган.
Болаларда иситма, қорин оғриғи, ич кетиш ва ҳолсизлик белгилари кузатилган. Тиббий текширувлар натижасида уларга «ўткир диарея» ташхиси қўйилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Тошкент вилоятидаги боғчаларда ҳам оммавий заҳарланиш ҳолати аниқланган эди.
