Инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига устама тўланадими?

Инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига устама тўланадими?

Ҳукуматнинг 2021 йил 12 октябрдаги «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» ги 638-сон қарорига мувофиқ инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига маълум миқдорда устама берилиши белгиланган.

 

 

Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларни молиялаштириш белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ, шунингдек, жамоатчилик, ҳайрия ва халқаро ташкилотларнинг ҳайрия маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

 

 

Низомнинг 53-бандига кўра, инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи синфда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бир нафар бола учун лавозим маошининг 10 фоизи, икки нафар бола учун лавозим маошининг 20 фоизи, уч нафар бола учун лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, икки ва ундан ортиқ инклюзив таълим синфларида тўрт нафар ва ундан ортиқ бола учун таълим-тарбия ишларини олиб борган ўқитувчилар ва махсус педагогларга лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида белгиланади.

 

 

Бошланғич таянч коррекцион синфлар ўқитувчилари ва махсус педогогларга меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида тўланади.

 

 

Шунингдек, инклюзив таълим синфлари синф раҳбарига синф раҳбарлиги учун тўлиқ ҳажмда қўшимча маблағ ажратилади ва у директор жамғармасидан рағбатлантирилади.