Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида айрим штат бирликлари қисқартирилади

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида айрим штат бирликлари қисқартирилади

Президентнинг 2025 йил 4-октабрдаги ПФ–178-сон фармонига мувофиқ, ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини рақамлаштиришни кенг жорий этиш ва бошқарув харажатларини қисқартириш мақсадида уларнинг ташкилий тузилмалари оптималлаштирилди.

 

 

Мазкур ҳужжат билан республика ижро этувчи ҳокимият органларида замонавий бошқарув тизимини шакллантириш, ортиқча функцияларни қисқартириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали бошқарув самарадорлигини ошириш вазифалари белгиланди.

 

 

Фармон иловасига кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида жами 48 та штат бирлиги қисқартирилади. Шундан 39 таси давлат буджети, 9 таси эса буджетдан ташқари жамғарма ҳисобидан қисқартирилиши белгиланган.

 

 

Қисқартиришлар рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш, бошқарув жараёнларини соддалаштириш ва таълим тизимини самарали бошқаришга хизмат қилади. Шу орқали мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда натижадорликни ошириш кўзда тутилган.

 

 

Шунингдек, фармонда қисқартириш жараёнида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш, улар билан меҳнат муносабатларини амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ тарзда олиб бориш ҳамда иш билан таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши белгиланган.

 

 

Фармон билан назарда тутилган ўзгаришлар 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб кучга киради.