Қирғизистондаги зилзила Тошкентдаги талабалар ётоқхонасида ваҳимага сабаб бўлди (видео)

Қирғизистондаги зилзила Тошкентдаги талабалар ётоқхонасида ваҳимага сабаб бўлди (видео)

Хабарингиз бор, 6 октябрга ўтар кечаси, соат 01:29 да Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ҳудудида 5.7 магнитудали зилзила юз берди. Унинг кучи Ўзбекистонда ҳам сезилди.

 

Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида ерости силкинишлари кучи 2−3 балл атрофида бўлди.

 

 

Бироздан кейин ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги ётоқхоналарнинг бирида талабалар зилзиладан сўнг бино ташқарисига чиқишга уринаётгани, бироқ эшик ёпиқлиги учун ҳамма залда тиқилиб қолгани акс этган видео тарқалди.

 

 

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, ушбу ҳолат «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университетига қарашли 8-талабалар ётоқхонасида юз берган.

 

«Зилзила вақти чўчиб, ташвишга тушиб қолган талабалар оммавий равишда биринчи қаватга тушиб, эшик олдида тўпланиб қолган. Эшик олди тиқилинч бўлгани боис қоровул эшикни тезда очолмаган», — деган университет матбуот хизмати вакиллари.

 

Олийгоҳ ётоқхона мудири Нодирбек Убайдуллаевнинг таъкидлашича, талабалар ётоқхонага келиб жойлашган биринчи кундаёқ зилзила каби фавқулодда ҳолатлар юз берса, лифтдан фойдаланмаслик, иложи бўлса, зинадан ҳаракатланиш кераклиги ёки девор бурчакларида туриш кераклигини тушунтирилган. Лекин лифт атрофи ёки бино деворларида зилзила вақтида амал қилиш зарур бўлган йўриқномалар кўзга ташланмаган.

 

 

Унинг айтишича, зилзила вақти ваҳимага тушган талабаларнинг асосий қисми — туркманистонлик йигит-қизлардир. Маълумот учун, 832 ўринга мўлжалланган бу ётоқхонада ҳозир 820 нафар талаба яшайди, уларнинг 130 нафари ўзбекистонлик, қолган бари чет эллик бўлган. Ярим талабалар ўзида нафас қисилиши ва бошқа шу каби нохуш ўзгаришларни ҳис қилган талабалар учун «тез ёрдам» бригадалари чақирилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.

 

 

Талабалардан бирининг айтишича, у шу вақтгача ҳеч зилзилага гувоҳи бўлмаган, аммо 6 октябрга ўтар кечаси юз берган ерости силкинишлари вақтида ваҳимага ҳам тушмаган.

 

«Ўқув йили бошида ётоқхона маъмурияти фавқулодда ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклигини тушунтирганди, лекин орқа томондан чиқиш мумкинлигини билмасдим», — деди у.

 

Институт матбуот хизматининг Газета га маълум қилишича, талабалар оломонининг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Юнусобод туман фавқулодда вазиятлар бўлими мутасаддилари келиб, ётоқхонадаги вазиятни ўрганган.