Берлинда вьетнамлик талабалар оммавий тарзда ғойиб бўлаётгани ҳақида Bild нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Вайзензее туманидаги ошпазлик ва меҳмонхона техникумида ўқиётган қарийб 700 нафар вьетнамлик талабанинг учдан бири бедарак йўқолган.
Ўқитувчилар ва соҳанинг мутахассислари кўплаб талабалар расмий равишда тил сертификатига эга бўлса-да, амалда немис тилини билмагани сабабли таълим жараёни деярли бошланмаганини таъкидлашмоқда.
Журналистларнинг ёзишича, йўқолган талабалар орасида ноқонуний ишларга кириб кетганлар ҳам бор. Айримлари гўзаллик салонларида яширинча ишлаётган бўлса, бошқалари жинсий саноатга жалб қилинган.
Миграция масалалари бўйича эксперт Мими Ву эса сохта ҳужжатлар ёрдамида ёшларни қарз ботқоғига тушириб, уларни халқаро жиноий гуруҳлар қўлига топшираётган тузилмалар фаолиятидан огоҳлантирди.
Федерал бандлик агентлигининг маълумотларига кўра, Германияда ҳозирда 16 мингга яқин вьетнамлик талаба таҳсил олмоқда, шундан 2 минг нафари Берлинда. Фақат 2024 йилда мамлакатга Вьетнамдан 4 мингга яқин янги талаба келган.
Аввалроқ Германия канцлери Фридрих Мерц Христиан-демократик иттифоқи ва Социал-демократик партия билан миграция сиёсатини қатъийлаштириш бўйича келишувга эришганини билдирган эди. Режага кўра, ноқонуний миграцияга қарши курашиш механизмлари кенгайтирилади, чегара назорати кучайтирилади, айрим қочқинларни қабул қилиш дастурлари қисқартиради ва полицияга қўшимча ваколатлар берилади.
