Nvidiа компанияси бош директори Дженсен Хуангнинг сўзига кўра, ёшлар орасида иш топиш қийинлашгани ҳақида шикоятлар кўпайган бўлсада, айрим соҳаларда ҳозирданоқ минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
Бизнесмен Дженсен Хуангнинг Channel 4 News телеканалига берган интервьюсида таъкидлашича, маълумотларни қайта ишлаш соҳасидаги тез суръатли ўсиш натижасида техник мутахассисларга талаб ошган. У ёшларни касб-ҳунар таълимига эътибор қаратишга чақирган.
«Агар сиз электрчи, сантехник ёки дурадгор бўлсангиз — бизга бундай мутахассислардан юз минглаб керак бўлади, чунки айнан улар бу заводларни қуради,» — деган у.
Миллиардернинг билдиришича, ҳар бир мамлакат иқтисодиётида малакали меҳнат соҳалари кескин ривожланади. Масалан, қурувчилар олий маълумотга эга бўлмасдан ҳам йилига 100 минг доллардан ортиқ даромад топишлари мумкин.
Fоrtunе нашри маълумотига кўра, Nvidiа компанияси Оpen AI га 100 миллиард доллар сармоя киритган бўлиб, бу маблағ сунъий интеллект соҳасидаги ишланмаларни ривожлантириш ҳамда маълумотларни қайта ишлаш марказларини молиялаштиришга йўналтирилган. McKinsey таҳлилларига кўра, 2030 йилга бориб ушбу марказларга глобал сармоялар ҳажми 7 триллион долларга етади.
Шунингдек, 25 минг квадрат метр майдонга эга битта маълумотлар маркази қурилиш жараёнида 1 500 нафар ишчини иш билан таъминлаши мумкин. Қурилиш якунлангач, объектни ўртача 50 нафар ходим бошқаради. Бундан ташқари, битта иш жойи атрофдаги иқтисодиётда ўртача яна 3,5 та янги иш ўрни яратишга туртки бўлади.
Бошқа бир интервьюсида бизнесмен, агар унга яна 20 ёш бўлганида, у дастурлаш эмас, балки табиий ва аниқ фанларга асосланган йўналишни танлаган бўларди, деб айтган.
«Агар ҳозир 20 ёшли Женсен ўқишни эндигина тамомлаганида, у эҳтимол дастурлаш эмас, балки физик фанларга кўпроқ эътибор берган бўларди,» — деган у.
