Ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳридаги «7-мактабда инглиз тили ўқитувчиси 3-синф ўқувчиларини деярли барчасини пешонаси, юзларига қизил ручка билан икки қўйиб ташлабди» тарзида хабарлар тарқалди. Бу бўйича Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат бўйича Олмалиқ шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъулларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган.
«Ўрганишлар натижасида ижтимоий тармоқларда келтирилган ҳолат ўз тасдиқини топди. Ўқитувчи дарс тайёрламаган ўқувчиларни жазолаш мақсадида мазкур ҳолатни содир этган.
Ўқитувчининг ёшлиги ва тажрибасизлиги ҳамда қилган ишига пушаймонлиги сабаб ва тушунтириш хати асосида унга «хайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилди», дейилади муносабатда.
