Жорий йил 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Бекобод, Қуйи Чирчиқ ва Оққўрғон туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида болалар заҳарланиш ҳолатлари қайд этилганди.
Аввалроқ, ҳолат юзасидан тергов доирасида 7 кишига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, иш тергови вилоят ИИББдан Ички ишлар вазирлигига ўтказилди.
Маълум қилинишича, вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан бир нечта аутсорсинг корхоналари масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми бўйича иш қўзғатилган. Иш Бош прокуратура назоратида бўлиб, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилган.
«Ҳозирда, тиббий ёрдам кўрсатилган болалар орасида оғир ва ўта оғир даражада касалланганлар мавжуд эмас, вазият шифокорларнинг тўлиқ назоратида.
Шу билан бирга, барча давлат боғчаларида аутсорсинг асосида етказилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.
Тергов якуни бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади хабарда.
