Тошкент вилоятида болалар заҳарланиши бўйича сўнгги маълумотлар берилди

Тошкент вилоятида болалар заҳарланиши бўйича сўнгги маълумотлар берилди

Тошкент вилоятида болалар заҳарланиши билан боғлиқ вазият юзасидан ССВ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков маълумот берди.

 

 

Унинг сўзларига кўра, жами 1 922 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилган. Улардан 959 нафари соғлом деб топилиб, уйига кузатилган, 269 нафари қисқа муддатли даволанишдан кейин шифохонадан чиқарилган, 694 нафари эса ҳозирда даволанмоқда.

 

 

Шифохонадаги болалардан 13 нафари аҳволи ўртача оғирликда баҳоланмоқда. Бугун яна 421 нафар боланинг соғайиб, уйига чиқарилиши режалаштирилган.

 

 

Даволаш жараёнларига Тошкент шаҳридаги 17 та ихтисослаштирилган муассасадан юздан ортиқ олим ва мутахассис жалб этилган бўлиб, барча ишлар замонавий стандартларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

 

 

Бемор болаларга ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган. Мутахассислар бу касаллик оғир тоифага кирмаслигини ва одатда асоратсиз ўтишини таъкидлашмоқда.

 

 

Айни пайтда штаб ҳар уч соатда вазиятни муҳокама қилиб бормоқда, жойларда эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, дори воситаларининг етарли захираси мавжудлиги қайд этилди.

 

Воқеа юзасидан айбдор шахсларга қонуний баҳо берилиши ҳам маълум қилинди.