Кеча, 25 сентябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, вазир ўринбосари Азизбек Турдиев мазкур ҳолатларни шахсан ўрганиш мақсадида Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларига борди. Бу ҳақда ММТВ хабар берди.
Аввалроқ, Пискент ва Бўка туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида болалар овқатдан заҳарлангани бўйича вазирликнинг дастлабки муносабати берилган эди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда тегишли ташкилотлар назоратига олинган.
«Хусусан, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий ҳокимлик масъуллари билан ҳамкорликда боғчаларнинг айни вақтдаги ҳолати, ошхоналардаги мавжуд шароитлар кўздан кечирилди. Боғча раҳбарлари, тарбиячилар билан яқиндан мулоқот қилинди.
Айни пайтда Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар, Оққўрғон туманида 97 нафар бола шифокорлар назоратида бўлиб, болажонлар саломатлиги барқарор. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда эҳтиёт чораси сифатида Пискент ва Бўка туманларидаги МТТ тарбияланувчилари навбати билан шифокорлар назоратидан ўтказилмоқда. Ҳозиргача болалар соғлиғига жиддий хавф соладиган ҳолатлар аниқланмади.
Юзага келган ҳолат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан назоратга олинган ва тергов жараёнлари бошланган», дейилади вазирлик муносабатида.
