Тошкент вилоятида боғча болаларининг овқатдан заҳарланиши бўйича жиноят иши очилди

Тошкент вилоятида боғча болаларининг овқатдан заҳарланиши бўйича жиноят иши очилди

Тошкент вилоятининг айрим мактабгача таълим муассасаларида болалар заҳарлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар бермоқда Болалар омбудсмани матбуот котиби Сурайё Раҳмонова.

 

Аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 24-центабр куни Пискент ва Бўка туманларидаги боғчалар тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берганди. Болалар омбудсманига кўра, Қуйи Чирчиқ туманидаги муассасалардан ҳам тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши ва ич кетиши билан мурожаатлар бўлган.

 

Идора дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга зарурий муолажалар кўрсатилгани ва шу куни аксариятининг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб берилгани, оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаганини тасдиқлади.

 

Ҳолат юзасидан 25-центабр куни Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги вилоят бошқармаси ҳамда Пискент, Бўка ва Оққўрғон туман бўлимлари мутахассислари томонидан ДМТ муассасаларининг ошхоналари кўздан кечирилиб, болалар суткалик истеъмол қилган таомлардан олинган намуналар лабораторияларда тегишли тартибда текширилмоқда.

 

️Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан ҳолат бўйича ўз кузатувини давом эттиришини қайд этди.