Швейцарияда мусодара қилинган Гулнора Каримованинг маблағларидан 20 миллион доллар Ўзбекистонда таълим имкониятларини яхшилашга йўналтирилади. 17-центабр куни «Ишонч» жамғармаси ушбу маблағ «Мактабларда иқлим ўзгаришига чидамлилик ҳамда сув таъминоти, санитария ва гигиенани (ССГ) моделлаштириш» лойиҳасига сарфланишини эълон қилди. Лойиҳа 2025 йил 1-октабрдан иш бошлайди.
Дастур доирасида 45 та қишлоқ мактаби янгиланиб, хавфсиз ичимлик суви, замонавий санитария тизимлари, ишончли иситиш воситалари ва экологик тоза энергия билан таъминланади. Шу орқали энергия сарфи 30 фоизга, атмосферага чиқариладиган зарарли газлар эса 50 фоизга камайиши кутилмоқда.
Натижада 31,5 минг ўқувчи, хусусан, ўсмир қизлар учун дарс ўқиш шароитлари сезиларли даражада яхшиланади. Гендер тенглиги инобатга олинган қулайликлар туфайли ўқувчиларнинг сабабсиз дарс қолдириш ҳолатлари камаяди. Бундан ташқари, лойиҳа якунида 2700 нафар педагог ва мактаб ходими иқлим ўзгаришига мослашув, ССГ бўйича гендер ёндашуви ҳамда жамоатчиликни жалб қилиш масалаларида малака оширади.
Швейцария элчиси Константин Оболенский фикрича:
Лойиҳани шаффоф амалга ошириш мақсадида «Энг яхши мактабим» портали ишга туширилади. Бу платформа орқали жамоатчилик буджет, пудратчилар, қурилиш жараёнлари ва муддатларини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин бўлади. Шунингдек, харидлар ва таъмирлаш ишлари «Ҳалоллик пакти» механизми асосида фуқаролик жамияти ва ота-оналар иштирокида, адолатли ва очиқ тарзда олиб борилади.
Маълумот учун, 2024 йил апрель ойида Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган 67 миллион доллари Ўзбекистонга қайтарилган бўлиб, бу жараённи назорат қилиш учун БМТ ҳомийлигида «Ишонч» жамғармаси ташкил этилган.
