«Жиззахда ўқитувчи «Шуҳрат» медали билан тақдирланганини пахта даласида эшитди» сарлавҳаси остида тарқалган хабар Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия томонидан ўрганилган.
Маълумотларга кўра, Жиззах шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Гулбаҳор Саидмурадовна Самадова пахта йиғим-теримида якшанба куни қўшимча даромад топиш мақсадида иштирок этаётганлиги, уни ушбу ишда қатнашиш учун ҳеч қандай мажбурлаш ҳолати бўлмаганлиги аниқланган.
Шу билан бирга, Миллий комиссия ходимларга уларнинг функционал вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб қилиш ҳолатларини қонунчиликка зидлигини ҳамда бу ишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлигини яна бир бор эслатган.
Агар кимдир мажбурий тарзда бирор-бир меҳнатга жалб этиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келса, «1176» ҳамда «1092» рақамли «ишонч телефони»га мурожаат қилишлари керак.
