Жорий йил табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори ОТМ ректорлари (директорлари) томонидан белгиланади.
Давлат комиссияси баёнига мувофиқ, 2025/2026-ўқув йили учун кириш имтиҳонлари натижаларига кўра 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган лекин талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларни бакалавриат таълим йўналишларига қўшимча қабул қилишда табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорини ректор (директор) томонидан мустақил белгилаш амалиётга жорий этилади.
Қабул чегараларига 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Низом талаблари (1-илова 73-банд)га асосан белгиланади.
Низомга кўра, тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
– 1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;
– 1,06 баллдан 2,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,0 баробари;
– 2,06 баллдан 3,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,5 баробари;
– 3,06 баллдан 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 3,0 баробари.
Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контракт шартларининг биринчи ўқув йили учун камида 50 фоизи бажарилгандан сўнг абитуриент олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
