Чили мактабларида ўқувчиларнинг телефонини магнитли ёпиқ қутиларга жойлаш тартиби жорий этилди

Чили мактабларида ўқувчиларнинг телефонини магнитли ёпиқ қутиларга жойлаш тартиби жорий этилди

Мамлакат пойтахтидаги Ло Барнечеа Биcэнтенарио мактаби ўқувчиларнинг мобил телефонга қарамлигини камайтириш ва синфдаги интизомни мустаҳкамлаш учун ноёб тажриба бошлади. Энди дарс вақтида ўқувчиларнинг телефонлари магнитли ёпиқ қутиларга жойланади ва сигнал блокланади. Бу эса дарсларга эътиборни ошириш ва танаффусларда юзма-юз мулоқотни қайта тиклашга қаратилган.

 

Илгари ўқитувчилар дарсдан олдин телефонларни йиғиб олиш ёки ўқувчиларга ўз хоҳишига кўра ўчириб қўйишни сўрарди. Бироқ бу усуллар кутилган натижани бермаган — ўқувчилар яширинча телефон ишлатишда давом этган.

Янги тизимда эса телефонлар махсус магнитли қутига жойланади, дарс якунида эса очиб олиш мумкин.

 

Ўқитувчилар ва ота-оналар дастлаб бу ташаббусга турлича қаради. Баъзи ўқувчилар телефонисиз қолишга қийналган, ота-оналар эса болалари билан алоқаси узилиб қолишидан хавотир олган. Аммо бир неча ой ичида натижалар ўзини оқлай бошлади:

 

—ўқувчиларнинг дарсдаги эътибори сезиларли ошган;

—танаффусларда болалар бир-бирлари билан суҳбатлашиш, стол ўйинлари ўйнаш ва спорт билан шуғулланишга қайта одатланмоқда;

—ўқитувчиларнинг айтишича, интизомий муаммолар камайган ва синфда ўқув жараёни анча самарали бўлмоқда.

 

 

Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш бўйича қоидалар жорий этилмоқда. Масалан:

 

 

– Францияда 2018 йилдан бери мактабларда телефон ишлатиш қатъиян тақиқланган;

– Буюк Британия мактаблари телефон сиёсатини мустақил белгилайди, кўп жойларда қаттиқ чекловлар мавжуд;

– Эстония эса телефонни тақиқлаш ўрнига уни таълим воситасига айлантириш йўлини танлаган.

 

Чилидаги янги тажриба эса оралиқ ечим сифатида қаралмоқда: телефонлар дарс жараёнидан четлаштирилади, лекин мактабдан чиқишда қайтарилади.