Жорий йил 25 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюради ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилди.
Тадбирда давлат раҳбари таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳига давлат мукофотларини тантанали топширди ҳамда таълим сифатини ошириш, ўқитувчи ва мураббийларни янада қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев педагогларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди, жумладан:
– янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади;
– келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилади;
– ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади;
– келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади;
– фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади;
-бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади;
– дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади;
– рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғча, 20 таликдаги техникум, ТОП-10 та олийгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поездлар чипта нархларига 15-20 фоиз чегирма берилади.
