Бу ўқитиш усулларида ўқитувчилар бутун синфни кичик гуруҳларга ажратиб, уларга муҳокама учун мавзу берадилар, бу орқали ўқувчилар қисқа вақт ичида мавзу бўйича фикрларни ёки муаммонинг ечимларини ишлаб чиқишлари керак бўлади.
Ушбу метод муҳокама ва ўқувчилар ўртасида фикр алмашиш қобилиятини ривожлантиради.
Уни ўтказиш тартиби қуйидагича:
Машғулотгача тайёргарлик
Методдан самарали фойдаланиш учун аввало муҳокама қилинадиган мавзу аниқ белгиланади. Бу мавзу очиқ, турли фикрлар билдиришга ундайдиган бўлиши лозим.
Муҳокамани фаоллаштирувчи савол шакллантирилади — бу савол ўқувчиларда мустақил фикр юритиш, ўз позициясини ифодалаш ва бошқа қарашларни қабул қилишга мойиллик уйғотиши керак.
Савол қандай шаклда тақдим этилиши режалаштирилади:
– қоғозда ёзилган кўринишда;
– тақдимот слайдида;
– доскага ёзилган ҳолатда.
Бундан ташқари, ўқитувчи ўқувчиларни қандай гуруҳларга ажратишни олдиндан белгилайди (тасодифий, мавзу бўйича, даража асосида ва бошқалар). Шунингдек, гуруҳ аъзоларининг ҳамкорликдаги ишини енгиллаштирадиган қўшимча материаллар (топшириқ варақалари, жадваллар, диаграммалар) ишлаб чиқилади.
Машғулот вақтида
Дарс бошида ўқувчилар гуруҳларга ажратилади. Ўқитувчи муҳокама мавзусини эълон қилади ва ишлаш учун аниқ вақт чегарасини белгилайди.
Ҳар бир гуруҳ ўз аъзолари билан саволга жавоб излаб, эркин фикр алмашади. Ушбу босқичда ўқитувчи гуруҳлар фаолиятини кузатиб боради ва агар муҳокама мавзудан четлашаётган бўлса, уни ўз вақтида тузатади.
Машғулотдан сўнг
Машғулот якунида ўқитувчи умумлаштириш ишларини олиб боради. Гуруҳлар фаолиятининг натижалари, умумий ёндашувлар, оригинал ғоялар таҳлил қилинади. Энг муҳим хулосалар ажратиб кўрсатилади ва методик жиҳатдан энг самарали ечимлар таъкидланади.
Гуруҳларда муҳокама методи ўқувчиларни қисқа вақт ичида фаол фикр алмашиш, муаммони тез таҳлил қилиш, мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга ундайди. У дарсда фаолликни ошириш, жамоадаги ўрни ва фикрининг аҳамиятини англаш учун самаралидир. Шу боис уни ижтимоий фанлар, тил ва адабиёт, тарих, ҳуқуқшунослик каби йўналишларда фаол қўллаш мумкин.
