Литва ҳукумати мактаб ўқувчиларини учувчисиз учиш аппаратларини йиғиш, дастурлаш ва бошқаришга ўргатиш бўйича янги дастур ишга туширди. Бу ҳақда Франциянинг Ле Парисиэн нашри хабар берган.
Тўрт йил давом этадиган лойиҳа Мудофаа вазирлиги, Таълим вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимиятлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.
Газета мухбирлари Кедайняй шаҳридаги бир мактабда бўлиб, 10–14 ёш оралиғидаги тўққиз нафар бола машғулотларга қатнашаётганини кузатган. Дарсларда улар кенгайтирилган реаллик шлемларидан фойдаланиб, 3Д принтерлар ёрдамида дрон қисмларини ясашни ўрганишмоқда. Айрим ўқувчилар эса жангларда дронлардан фойдаланиш усуллари ҳақида янгиликлардан аллақачон хабардор бўлишган.
Дастур қиймати 3,3 миллион евро деб белгиланган. Ҳозирча 300 нафар бола таълимни бошлаган ва улардан айримлари 16 ёшга етгач, расмий равишда дрон бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.
ЛИНEСА (Литва норасмий таълим агентлиги) раҳбари Валдас Янкаускаснинг таъкидлашича, ўқувчиларнинг 10–15 фоизи кейинчалик муҳандислик соҳасида таҳсилини давом эттириши кутилмоқда.
