Муҳокамалар порталига «Олий таълим ташкилотларига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, хорижий абитуриентлар Ўзбекистон олий таълим муассасаларига «Study in Uzbekistan» веб-портали орқали ҳужжат топширади. Портал Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази таркибий бўлинмаси сифатида ташкил этилади. Унинг фаолияти буджетдан ташқари маблағлар, шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Қарор низомига кўра:
«Study in Uzbekistan» хорижий абитуриентлар учун ягона ахборот майдони бўлиб, унда олий таълим муассасалари, таълим дастурлари, контракт нархлари, талабалар турар жойлари, халқаро ҳамкорлик, стипендия ва бошқа имкониятлар ҳақида батафсил ҳамда ишончли маълумот тақдим этилади.
Қарор ижросини назорат қилиш Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклатилган.
