Умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар, психологлар ва кутубхона ходимларига ҳар ой белгиланган устама тўловлари уларни мукофотлаш ёки моддий ёрдам олиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, педагог ходимларни рағбатлантириш умумтаълим муассасалари ҳузурида ташкил этиладиган ишчи гуруҳ қарори ва педагогик кенгаш фикрини инобатга олган ҳолда, Жамғарма маблағлари доирасида амалга оширилади.
Низомнинг 29-бандига мувофиқ, умумтаълим муассасалари ходимлари, жумладан раҳбарлар ҳам, фақат «1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Жамғарма ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70 фоизигача миқдорда мукофот пули олишлари мумкин.
Низомнинг 32-бандига асосан, агар умумтаълим мактаби ўқитувчиси тайёрлаган ўқувчи Президент мактабларига танлов асосида қабул қилинса, мазкур фан ўқитувчиси қўшимча рағбат сифатида базавий тариф ставкасининг икки бараваригача бўлган бир йўла мукофот пули билан тақдирланиши мумкин.
Мукофотлаш жараёнида адолат ва холисликка риоя этилиши шарт бўлиб, қарорлар очиқ муҳокама асосида қабул қилинади.
